Жорий йилнинг 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда Божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам давлатимиз раҳбари божхона тизимида “коррупциядан холи” дастурини амалга ошириш соҳа раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши шартлигини кўрсатиб ўтдилар.
Куни кеча Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида ёш ходимлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида айнан шу мавзуда сўз юритилди.
Шунингдек, ходимлар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, хизмат ва хизматдан ташқари вақтларда коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларига аралашмаслик ҳамда бу турдаги жиноятларга қарши курашиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра унинг барвақт олдини олиш, коррупцияни олдини олишда жамоатчилик назоратини таъминлаш, бу борада аввало аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит шакллантирилмаса, ижобий натижага эришиб бўлмаслиги билдирилди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан бошқарма раҳбарияти ва масъул бўлим бошлиқлари томонидан тинимсиз равишда тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга уларнинг коррупция жиноятига қарши янада самарали курашишларида муҳим амалий аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, агарда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари ва фуқароларда божхона соҳасига оид муаммо ҳамда саволлар юзага келган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг (75) 221-04-80 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкин.
10.03.2022