Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида давра суҳбати бўлиб ўтди
1028
Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш, ушбу соҳани ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, уларга амалий ёрдам кўрсатилиши борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
“Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида  давра суҳбати бўлиб ўтди

Бу борада, Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, тадбиркорлик субъектлари, транспорт корхоналари масъул ходимлари, брокерлик фирмалари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирокида соҳага оид сўнгги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари ҳамда Ҳукумат қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда божхона соҳаcида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар билан яқиндан таништириш мақсадида навбатдаги давра суҳбати ташкил қилинди.

Тадбирда, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-748-сон Қонуни билан жорий этилаётган ўзгартиришлар тадбир иштирокчиларига етказилди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатларда белгиланган тартиб-қоидалар, яъни божхона органлари томонидан тақдим этиладиган дастлабки қарорлар, унинг афзалликлари тўғрисида иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Хусусан, божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товар божхона органига тақдим этилгунга қадар дастлабки қарор қабул қилиши мумкин.

Ўрнатилган ушбу тартиб ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайликни тақдим этади, божхона расмийлаштируви жараёнини осонлаштиради.

Учрашувда, божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби, маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхонада яратилган енгилликлар тўғрисида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.

– Бу каби учрашувларни ўтказишдан мақсад – тадбиркорлар томонидан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда мавжуд муаммоларни аниқлаш, жойида ечимини топиш ҳамда уларга яқиндан кўмак бериш дейди – Хоразм вилояти божхона бошқармаси Даромадлар ва божхона статистикасини юритиш бўлими бошлиғи Жамолиддин Бабажанов.

Бундан ташқари ҳозирда Телеграмм мессенжерида ташкил этилган “Xorazm eksport-import” канали орқали ҳам юзага келган муаммоларни тезкорлик билан аниқлаб, амалий ёрдам кўрсатиш, божхона соҳасига оид барча савол ва таклифларни билдириш имконияти йўлга қўйилганлиги иштирокчилар эътиборига етказилди.

Ўзаро савол-жавоб тарзида ўтказилган давра суҳбатида иштирокчиларни қизиқтирган саволлари, учраётган муаммоларига масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Шунингдек, тадбир якунида тадбиркорларнинг соҳа фаолиятига оид таклиф ва мулоҳазалари учун ДБҚнинг қисқа 11-08 рақамли “Ишонч телефони”га ёки бошқарманинг (62) 227-70-11 рақамли телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

2.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг