Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Марказий божхона лабораториясига пресс тур уюштирилди
8241
Давлат божхона қўмитаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун Марказий божхона лабораториясига пресс тур уюштирилди.
Марказий божхона лабораториясига пресс тур уюштирилди

Йиғилганларга Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Б.Караманов дастлаб лаборатория фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб берди. Шундан сўнг лаборатория ходимлари журналистлар учун кўргазмали тақдимотларни амалга оширишди.

Божхона ишида божхона экспертизаси ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Божхона экспертизаси кўмагида товар кодини аниқлаш товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини янада енгиллаштиради, энг муҳими давлат бюджетига божхона тўловларининг тўлиқ ундирилишига хизмат қилади.

Масалан, Марказий божхона лабораторияси томонидан 1991-2016 йилларда жами 17 276 та товарга тегишли хулосалар берилиб, 1,21 млн. доллар миқдорида  қўшимча божхона тўловлари ундирилган бўлса, 2017-2021 йиллар давомида 4 050 та товарлар бўйича тадқиқотлар ўтказилиб 4,9 млн. доллар қўшимча божхона тўловлари ундирилди.

Бу борада Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси томонидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан салкам 30 йил муқаддам ташкил қилинган Марказий божхона лабораторияси 2021 йил 10 сентябрда Президентимизнинг “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  ПФ-6310 сон Фармонига биноан божхона тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлди.

2021 йил ноябрь ойида эса Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг мамлкатимизга ташрифи доирасида Марказий божхона лабораториясига “Минтақавий божхона лабораторияси” мақоми берилди.

Тан олиш керак, мазкур нуфузли мақомни қўлга киритиш учун ниҳоятда машаққатли йўл босиб ўтилди, сўнгги йилларда лабораторияни жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Лаборатория “Халқаро ISO сертификати”ни қўлга киритди.

Эндиликда бу ерда мураккаб экспертизаларни ўтказиш ва ҳар томонлама асосланган ҳаққоний хулосалар берилишини таъминлаш мақсадида лаборатория АҚШ, Англия, Япония, Германия каби давлатларда ишлаб чиқарилган, халқаро стандартларга мос 20 дан ортиқ энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

Мазкур лаборатория нафақат мамлакатимиз, балки минтақадаги давлатлар божхона лабораториялари билан ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади, хусусан минтақа давлатларининг божхона хизматларига маслаҳатлар, тавсиялар бериш, уларнинг мутахассислари учун консультация ва ўқув машғулотлари ўтказиш имконини беради.

2021 йил 31 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 790-сон қарори қабул қилинди.

 

Қарор билан ушбу муассасанинг асосий қуйидаги вазифалари белгиланди.

- Товарларни индентификациясига мувофиқ божхона экспертизасидан ўтказиш;

- Товарларни уларнинг Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (кейинги ўринларда — ТИФ ТН) бўйича классификациялаш;

- Никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлаш;

- Жисмоний ва юридик шахсларга ТИФ ТН бўйича дастлабки қарор бериш, шартнома асосида товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификатлаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматлар кўрсатиш;

- Давлат божхона хизмати органлари эҳтиёжига кўра суд экспертизасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар экспертизаси ва бошқа криминалистик турларини ўтказиш;

- Илмий-текшириш ишларини амалга ошириш;

- Минтақавий божхона лабораторияси мақоми доирасида хорижий мамлакатларнинг божхона органлари ходимлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва уларга хизматлар кўрсатиш.

Пресс турда маълум қилинишича, Марказий божхона лабораторияси ва ҳудудий тузулмалар томонидан 2021 йилда салкам 9,6 мингта божхона экспертизалари амалга оширилди ва натижада давлат бюджетига салкам 100 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди

Ўтган йилда Марказий божхона лабораториясига товарларнинг таркиби ва ТИФ ТН кодига аниқлик киритиш бўйича 330 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатлар бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижасида эса 73,5 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Марказий божхона лабораторияси томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига товарларни ТИФ ТН бўйича таснифлаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилиш хизмати ҳам кўрсатиб келинмоқда. Айниқса, ушбу хизмат учун олинадиган ҳақнинг 50 евродан базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизига яъни 203 минг сўмга туширилгани хизматдан фойдаланувчилар сонининг ўсишига олиб келмоқда.

Натижада, 2021 йилда тадбиркорлар учун 4134 та дастлабки қарор қабул қилинди. Вахоланки, бу кўрсаткич 2020 йилда бор-йўғи 38 тани ташкил қилган эди. Жорий йилнинг январь ойида эса товарларни ТИФ ТН бўйича таснифлаш юзасидан қабул қилинган дастлабки қарорлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 137 тага кўпайди.

Пресс тур давомида журналистлар нафақат ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, шунингдек, бу ердаги замонавий ускуналар фаолияти билан танишишди ва мураккаб экспертиза жараёнларига жонли мисолларда гувоҳ бўлишди.

25.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг