Бундай ҳаракатларга кескин курашиш мақсадида божхона органлари томонидан қатъий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Куни кеча Фарғона вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Фарғона вилоятининг қўшни давлат билан чегарадош ҳудудларида ҳаракатланаётган фуқаро Ю.О. бошқарувидаги “KIA/BONGO 3” русумли юк автомашинаси тўхтатиш ишорасига бўйсунмай қочишга уринди.
Аммо, ушбу юк автомашинасини тўхтатиш чоралари кўрилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда ҳайдовчининг нима сабабдан тўхташ ишорасига буйсунмаганлиги сабаби ойдинлашди.
Ушбу автомашина юкхонасида юртимизга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 213 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи телевизор ва газ ҳисоблагич ускуналари сингари 3 хил турдаги товарлар борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасида текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
20.11.2018