Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги мутахассислари, Давлат божхона қўмитаси соҳавий бошқармалари ходимлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Божхона институтининг профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этишди.
Давра суҳбатида сўз олганлар миллий иқтисодиётимизнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболлари бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаш лозимки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.
Бу эса божхона соҳасига алоҳида масъулият юклаши 2022 йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида божхона тизимини ислоҳ қилиш ва соҳани коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам алоҳида қайд этилди.
Сўнгги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватланиши таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий институтлар тизими шаклланганлиги натижасида тадбиркорлар бизнес режалари ва ривожланиш стратегиясини амалга ошириши учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Шу билан бирга, соҳани ривожлантириш учун чуқур маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, узоқ муддатли барқарор савдо бозорларини шакллантириш, ташқи савдо инфратузилмасини, шу жумладан, чет элларда яратишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, Ўзбекистон иқтисодиётининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш истиқболларини ўрганишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Давлат божхона қўмитаси
Божхона институти
23.02.2022