Мазкур қонун ҳужжатларида мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият, жумладан, уларни олиб кириш ва олиб чиқиш, тақсимлаш, ишлаб чиқиш, тайёрлаш, йўқ қилиш, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш фаолияти фақатгина юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда бериладиган лицензия асосидагина амалга оширилиши кўзда тутилган.
Қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш мақсадида кўрилаётган чораларга қарамасдан, ушбу моддаларни юртимиз ҳудудига ноқонуний олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзда олиб ўтиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари содир этилмоқда.
Хусусан, куни-кеча Қарши халқаро аэропортига “Қарши-Москва” йўналиши бўйича “яшил йўлак”орқали ҳаракатланиб, учиб кетмоқчи бўлган фуқаро А.И. нинг қўл юклари рентген аппарати ёрдамида божхона назоратидан ўтказилди. Натижада йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 38 дона “Alprazolam” ёзувли психотроп таблеткаларини дорилар орасига яширилган тарзда, ноқонуний равишда юртимиздан олиб чиқилишининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари сингари психотроп моддалар ҳам ижтимоий хавфли ва оғир оқибатларга олиб келадиган офат сифатида қаттиқ қораланади, қанчадан-қанча кишиларнинг умрига, соғлиғига зомин бўлади.
Шу сабабли уларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин чоралар кўрилади, жазо муқаррарлиги таъминланади.
20.11.2018