Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 18 февралдаги ЎРҚ-755-сон Қонуни билан «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси зарур ҳолларда божхона органларининг ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штатлари сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритишга ҳақли.
Қонун билан божхона органларининг ҳуқуқлари сирасига божхона аудитини амалга ошириш киритилди.
Маълумки, Президентимизнинг соҳага оид Фармонида Давлат божхона қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланган эди:
- божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш.
Фармондаги ушбу норма энди қонунчиликда аксини топди.
Шунингдек, божхона органларининг ҳуқуқлари сирасига жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда пулли хизматлар кўрсатиш киритилди.
Эндиликда божхона органлари ходимлари божхона назоратини амалга оширишда махсус восита сифатида хизмат итларидан фойдаланиши мумкин.
Изоҳ: Махсус воситалар қаторида аввалги таҳрирда фақат хоналарни очиб кириш ва транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш қурилмалари, қўлкишанлари, резина таёқлар, кўздан ёш оқизувчи моддалар, шунингдек бошқа махсус воситалар ва техникалар назарда тутилган.
Алоҳида ҳолларда, божхона органларига хизматга:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони, карори ёки фармойиши, шунингдек розилиги ёки Узбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарори ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида — бошқа давлат органларининг ва ташкилотларининг ходимлари;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида — ёши 30 дан ошган, тор ихтисосликдаги юқори малакали мутахассислар қабул қилиниши мумкин.
Қуйидагилар божхона органларига хизматга қабул қилиниши мумкин эмас:
муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фукаролар;
хизматни ўташга монелик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар;
бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган фуқаролар;
содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар, қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва ўзига нисбатан амнистия акти ёки афв этиш қўлланилганлигидан қатъи назар ёхуд ярашув муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган фуқаролар божхона органларига хизматга қабул қилинмайди.
Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, божхона органларига қабул қилинган ходимлар (Божхона институти битирувчиларидан ташқари) мажбурий тартибда бирламчи касбий қайта тайёргарликдан ўтади.
Божхона органининг ходими энди ҳар икки йилда эмас, балки Давлат божхона қўмитаси Раисининг буйруғига мувофиқ малака оширишдан ўтади.
Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан Ўзбекистон ёки чет давлатнинг ОТМ ва ташкилотларига магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга юборилган божхона органи ходими ўқиш даврида, охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади.
21.02.2022