Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизимида коррупцияга ўрин йўқ
1288
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида сўнгги йилларда барча соҳаларда каби божхона органларида ҳам тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам давлатимиз раҳбари божхона тизимида “коррупциядан холи” дастурини амалга ошириш соҳа раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши шартлигини кўрсатиб ўтдилар.
Эндиликда тизимда коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлаш борасида ҳамда ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш орқали таъмагирлик ва коррупцияга йўл қўймаслик борасида топшириққа кўра соҳада замонавий комплаенс тизими жорий қилинади. Бунда:
- 1 майдан бошлаб юк декларациясини расмийлаштириш постлардан чиқарилади ва тадбиркор билан бевосита мулоқотсиз, масофавий амалга оширилади;
- 1 июлдан товарлар коди ва қийматини белгилаш, божхона кўригини ўтказиш, имтиёзли декларация расмийлаштиришда коррупцион хавфлар автоматлашган тизим орқали аниқланади;
- 1 сентябрдан бошлаб барча электрон божхона хизматлари “ягона дарча” тизими орқали кўрсатилади;
- йил якунига қадар божхона кўриги жараёнларини тўлиқ қамраб олган электрон тизим ишга туширилади.
Умуман, божхона хизматларини рақамлаштиришни 2022 йилда 70 фоизга, 2023 йилда 100 фоизга етказиш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Йиғилишда божхона ходимларининг ҳалол ишлашини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш - коррупцияга қарши курашишда энг муҳим масала эканлиги таъкидланди. Шу муносабат билан:
- бир ой муддатда битта постда 3 йил ишлаган ходимлар ротация қилинади;
- 1 мартдан барча божхона ходимлари фақат очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади;
- божхона тизимида ходимлар даромади ва мол-мулкини декларация қилиш жорий этилади;
- божхона ходимларининг фаолияти самарасига қараб, иш ҳақига 50 фоизгача қўшимча устама тўланади. Бу устамалар аниқ кўрсаткичлар (KPI) асосида белгиланади;
- олис ва шароити оғир постларда ишлаётган ходимлар иш ҳақига қўшимча устамалар жорий этилади;
- божхона ходимларига махсус унвон учун устамалар миқдори оширилади.
Юқорида кўрсатилган ўзгартириш ва қўшимчалар божхона ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ўзи-ўзидан коррупция ва таъмагирликка йўл қўйилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Фарҳод Ахроров,
“Жарпета” чегара божхона пости бош инспектори-смена бошлиғи

19.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг