Дастлаб бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилиш тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Шу билан бирга вилоят божхона бошқармасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳам сўз юритилиб, бошқарма томонидан ўтган йилда божхона тўловларидан 1,9 трлн. сўм Давлат бюджетига ўтказилиши таъминланганлигини ҳамда ундирилган тўлов ўтган йилга нисбатан 690 млрд. сўм ёки 58 фоизга ошириб бажарилганли қайд этилди.
Шунингдек, маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки 2021 йилда божхона қонунбузилиши билан боғлиқ 734 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, жами 47,4 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган ҳамда божхона тўловлари ҳисобланган.
Кўрсатув орқали фуқаролардан келиб тушган саволларга соҳа мутахассислари Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар қайтаришди.
Фуқаролар асосан божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари, божхона органларига ишга кириш тартиби, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби, хориждан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва божхона расмийлаштируви жараёнида ундириладиган божхона тўловлари тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди.
“Очиқ мулоқот” якунида бу каби мулоқотлар давомий бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.
19.02.2022