Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразмда “Шаффофлик замирида иқтисодий хавфсизлик” – мавзусида матбуот анжумани ўтказилди
5088
Давлат божхона қўмитаси Хоразм вилояти божхона бошқармасида Шаффофлик замирида иқтисодий хавфсизлик – мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар билан матбуот анжумани ташкил этилди.
Хоразмда “Шаффофлик замирида иқтисодий хавфсизлик” –   мавзусида матбуот анжумани ўтказилди

Анжуманда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи  ўринбосари, божхона хизмати полковниги Мухтар Уразалиев ҳамда масъул таркибий тузилма раҳбарлари томонидан 2021 йилда вилоят божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларнинг асосий натижалари хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.

Божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, соҳага рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали “Рақамли божхона”га ўтиш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Рақамлаштириш туфайли барча тартиб-қоидалар онлайн тарзда, қоғозсиз кўринишида амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Хоразм вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 2021 йилда 851,1 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 44,4 фоизга ёки 261,9 млн. долларга ошган. Товарлар экспорти 152,3 млн. АҚШ долларни ташкил этди ва 44,0 фоизга ёки 46,6 млн. АҚШ долларга ошган.

2021 йил давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 1 177,4 млрд. сўм божхона тўловлари ҳисобланди.

Вилоятда тадбиркорлар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил давомида 36 та ташкилотга жами 264,8 млрд сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилган.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 67 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва  33 та интерактив хизматлар жорий қилинган.

Божхона органлари фаолиятида сўнгги беш йиликнинг энг муҳим янгилиги - “Хавфни бошқариш” тизими тадбиркорларда халоллик ва қонунга итоаткорликка интилишни рағбатлантирмоқда. 2021 йилда “Хавфни бошқариш” тизими орқали жами 12 534 та электрон шаклда божхона юк декларацияси расмийлаштирилган.

Натижада, расмийлаштирув вақти экспортда 3 баробарга, импортда 2 баробарга қисқарди. Кўриклар сони 1,4 баробарга камайган бўлсада, уларнинг самарадорлиги 1,5 баробарга ошган.

Божхона постлари томонидан расмийлаштирилган жами 12 534 та божхона юк декларациясидан 3 072 таси ёки 24,5 фоизи қизил йўлакда, 5 955 таси ёки 47,5 фоизи сариқ йўлакда, 3 507 таси ёки 28 фоизи яшил йўлакда расмийлаштирилган.

Ўтган 2021 йил давомида жами 280 та ҳолат аниқланиб, ашёвий далил тариқасида 7169,2 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган. Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида 21 та ҳолатда 53,74 грамм “героин”, 7110,79 грамм “опий”, 14,6 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддалари, 1320 дона “Трамадол” гиёҳвандлик таблеткалари ҳамда 14 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги аниқланган.

Анжуман давомида Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона лабораториясига халқаро “ISO 17025-2019” стандарти талабларига мослиги бўйича тегишли аккредитация гувоҳномаси берилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Шуниндек, Божхона институтининг “Божхона иши” таълим йўналишини Жаҳон божхона ташкилотининг PICARD халқаро стандартларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги, бу эса ўз навбатида божхона иши соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ рақобатбардош кадрлар тайёрланишини халқаро миқёсда тан олинишини англатади.

Шу билан бирга, Божхона институтига 2022/2023 ўқув йили учун божхона иши ва юриспруденция таълим йўналишларига танлов асосида ўқишга қабул давом этаётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Бир сўз билан айтганда, божхона соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришга, ташқи савдо айланмаси ҳажмини оширишга, мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга соҳа ходимлари томонидан жавоб берилди.

Анжуман якунида, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларида божхона соҳасига оид ҳар қандай савол, тушунмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда ёки ходимларнинг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларга гувоҳ бўлганда Давлат божхона қўмитасида узлуксиз фаолият кўрсатаётган 11-08 қисқа ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 227-70-11-рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтилди.

18.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг