Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фарғона ва Наманган вилоятларида тамаки маҳсулотларининг яширин айланмасига чек қўйилди
1038
Юртимизга тамаки маҳсулотларини яширинча олиб кириш ва унинг ноқонуний айланмасига қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда.
Фарғона ва Наманган вилоятларида тамаки маҳсулотларининг яширин айланмасига чек қўйилди

Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро А.Н. ўзига тегишли бўлган қутиларни “Кобальт” русумли автотранспорт воситасига юклаётган вақтида тўхтатилиб, қутилар холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, мазкур қутиларда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда акциз маркалари билан маркаланмаган, умумий қиймати 37,5 млн. сўмлик 2 500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда фуқаро П.З. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тезкор кузатувга олиниб, Данғара тумани ҳудудида тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Текширув давомида, автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва акциз маркалари билан маркаланмаган 10 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб фуқаро П.З.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилганида, хонадонда 13 дона қоғоз қутиларга жойлаштирилган 10 480 қути тамаки маҳсулотлари сақланаётганлиги маълум бўлди.

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий қиймати 420 миллион сўмлик жами 23 минг қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинди.

Шунингдек, Наманган вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса, фуқаро Ж.Ғ. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Ўтказилган текширув давомида ушбу автомашинанинг олд қисмига яшириб жойланган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 37,5 миллион сўмлик 2500 қути  тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

18.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг