Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тиббиёт ускуналари, тиш пломбаси, ботекс ва рациялар... Божхоначилар пойтахт аэропортида яна нималарни тўхтатиб қолишди?
2035
Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун деган ниқоб остида аслида эса тижорат мақсади учун кўзланган товар-моддий бойликларни ҳаво йўллари орқали олиб ўтилишининг олдини олиш мақсадида пойтахт аэропорти божхоначилари томонидан мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тиббиёт ускуналари, тиш пломбаси, ботекс ва рациялар... Божхоначилар пойтахт аэропортида яна нималарни тўхтатиб қолишди?

«Алмата-Тошкент» йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаро И.М. “яшил” йўлак орқали ҳаракатланар экан, бу билан у ёнида белгиланган меъёрлардан ортиқча юклари йўқлигини маълум қилган ҳисобланади.

 Аммо, унинг багажи назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган 79 дона аёллар кийим-кечаклари ва бошқа маҳсулотлар борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур товарларнинг умумий нархи салкам 8,3 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

“Истанбул-Тошкент” рейси бўйича учиб келган она ва қиз йўловчилар Р.Ш. ва Ш.Р.лар тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига доир божхона қоидабузарлигини содир этишди.

“Яшил” йўлакдан ўтаётиб, уларнинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Шундан сўнг ушбу аёллар ва уларга тегишли юклар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, багажлардан бирида 99 гр. оғирликдаги, йўловчилардан бирининг кийимига тикилган хуфия чўнтакка эса 64 гр. оғирликдаги тилла тақинчоқлар яширилганлиги фош бўлди.

Божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган мазкур заргарлик буюмларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 31,2 млн. сўмни ташкил қилган.

Сеулдан учиб келган фуқаролар Б.А. ҳамда Б.Г.лар ҳам амалдаги тартибларга риоя қилишмаганлиги фош бўлди. Ушбу аёллар 13 дона смартфонлар, 62 дона тиш пломбалари ва 145 дона косметологик ботексларни яширинча олиб киришган вақтда тўхтатиб қолинди.

Сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 229 млн. сўмни ташкил қилди.

“Урумчи-Тошкент” рейси йўловчиси М.А. божхона кўригидан ўтказилганида, ўзи билан божхона назоратига тақдим қилмаган ҳолда ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтмасдан туриб 6 дона рациялар ва 6 дона тиббий ёритгичлар олиб келганлиги маълум бўлди.

Жисмоний шахслар учун белгиланган меъёрларига зид равишда олиб кирилган мазкур товарларнинг умумий қиймати салкам 15 млн. сўмни ташкил қилар экан.

Ваҳоланки, амалдаги тартибларга кўра Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали юқори частотали қурилмаларни ҳамда тиббиёт асбоб-анжомларини тегишли рухсатномалар ва сертификатларни тақдим этган ҳолда олиб ўтишга рухсат этилади.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

17.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг