Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти божхона бошқармасининг тезкор ходимлари ўзаро ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида, Қўқон-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган, фуқаро Р.З бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада автомашина юкхонасида ноқонуний йўллар билан олиб кирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, фуқаро З.З.га тегишли 444 дона “Тропикамид 10 мг” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 40 та конвалютада жами 400 дона “Трамадол 50 мг” номли таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган дори воситалари борлиги, фуқаро эса ушбу моддаларни бошқа бир шахсга сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида фуқаро М.Ш. юқоридаги зарарли моддаларни фуқаро З.З.дан қабул қилиб олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.
Шунингдек, фуқаро М.Ш.ни шахсий кўрикдан ўтказиш жараёнида эгнидаги курткасидан 1 дона капсула кўринишидаги “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасига ўхшаш дори воситаси борлиги ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
16.02.2022