Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сохта товар белгиларига қарши курашда муҳим қадам!
8066
МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг 2021 йил 28 май куни Минск шаҳрида Сохта товар бегилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва хабардор қилиш бўйича МДҲ иштирокчи – давлатлари ҳамкорлиги тўғрисидаги Битим имзоланган эди.

2022 йил 7 февралда эса Ўзбекистонда мазкур Битимни ратификация қилишга қаратилган ЎРҚ-751-сон Қонуни қабул қилинди.

Битим адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлган товар белгилари ва географик кўрсаткичларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ҳамда огоҳлантириш бўйича, шунингдек МДҲ иштирокчи – давлатлари чегараларида бу каби товарларнинг ҳаракатланишини олдини олишни назарда тутади.

Эндиликда томонлар Битим доирасидаги масалалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлган товар белгилари ва географик кўрсаткичларни ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт ҳолатларини аниқлаш, олиб кирилаётган товар белгилари ва географик кўрсаткичлар бўйича доимий ахборот алмашинувини амалга оширишади.

Шунингдек, саноат мулки йўналишида ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш, интеллектуал мулк йўналишида кадрлар малакасини ошириш ва тайёрлаш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишади, бунда махсус ва услубий адабиётлар билан алмашинувлар ҳам назарда тутилгаан.

Битимдаги муҳим нормалардан бири шуки, унга кўра Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмаган давлатлар 1994 йил
15 апрелдаги Интеллектуал мулк ҳуқуқлари савдо аспектлари бўйича Битимда (ТРИПС) ифодаланган принцип ва нормаларга амал қилишга ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуни 2-моддасида, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Маълумот учун: ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, у белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Битим МДХ давлатларининг ваколатли давлат органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши, сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичларга эга товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, олиб кириш ва олиб ўтиш жараёнларини олдини олиш ва аниқлаш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда амалда бўлган Божхона кодексининг 56-боби талаблари асосида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича товарларни божхона назоратини амалга ошириш мумкин.

Бу эса ўз навбатида мазкур Битимда келтирилган талабларнинг божхона органлари томонидан белгиланган тартибда бажарилишига хизмат қилади.

 

Аминжон Маҳмудов,

ДБҚ Божхона назорати ва расмийлаштирувини
ташкил этиш бош бошқармаси катта инспектори,

божхона хизмати катта лейтенанти

 

16.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг