Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Латвия ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди
1777
Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичнинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи доирасида пойтахтимиз аэропортида ҳам ишчи учрашув ташкил қилинди.
Латвия ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Латвия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ва муҳим шериги бўлиб, узоқ йиллардан буён мамлакатимизнинг Болтиқ ва Скандивания бозорларига чиқишида кўмаклашиб келмоқда.

Қолаверса, 2021 йил мамлакатимиздан Латвия Республикасига салкам 50 млн. АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. Бу эса ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Учрашувда божхона соҳасида иккала мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида божхона соҳасида ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, Ўзбекистон давлат божхона хизмати ходимларининг Латвия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида малака оширишларини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Латвия ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ва Латвия ўртасида товарларни ноқонуний олиб ўтишган доир божхона қонунбузилишларига қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик Келишувини имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди.

Учрашувда Латвия Республикаси халқаро ташкилотлар ва Европа Иттифоқи доирасида мамлакатимизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида қайд қилинди.

Жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари Чегараларини бошқаришга кўмаклашишга қаратилган «БОМКА» Дастурининг фаол амалга оширилишида Латвиянинг роли катта.

Ҳозирда мазкур дастур доирасидаги асосий минтақавий тадбирларга Ўзбекистон мезбонлик қилиб келмоқда ҳамда дастур доирасида кўрсатиладиган техник кўмакни эндиликда 20 фоизга ошириш ҳам назарда тутилмоқда.

Учрашув якунида Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевич "Ўзбекистон божхона хизматига 30 йил" эсдалик нишони билан тақдирланди.

Латвия юқори даражадаги делегацияларининг бу каби ташрифлари ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.

14.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг