Тадбир давомида, сўз олган божхона бошқармаси масъуллари тадбиркорларга мамлакатимизда экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотлар экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш ҳамда экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш ҳар бир давлат органининг энг биринчи галдаги вазифаси эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек йиғилишда, жорий йил 17 октябрда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Мева сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори борасида ҳам кенг тушунтиришлар берилди. Хусусан, мазкур Қарорга кўра эндиликда, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини секин-асталик билан кўрсатмоқда. Биргина Бухоро вилояти ҳудудидан рўйхатдан ўтган экспортёр ташкилотлар томонидан жорий йил ўтган шу даври мобайнида 43,45 млн. АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилганлигини ҳам ижобий ютуқлардан бири десак янглишмаймиз.
Очиқ мулоқот якунида тадбиркорлар божхона соҳаси билан боғлиқ саволлари ва муаммоларини бошқарма раҳбарияти билан тўғридан-тўғри муҳокама қилишди. Шу билан бир қаторда, тадбиркорларга яна бир бора божхона органлари томонидан доимий равишда уларга амалий ёрдам кўрсатилиши, ишонч телефонлари узлуксиз тарзда ишлаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
17.11.2018