Мазкур йўналишдаги навбатдаги давра суҳбати Қарши шаҳридаги Президент мактабида ўтказилди.
Унда, божхона ходимлари билан бирга, прокуратура, адлия бошқармалари ва мажбурий ижро бюроси масъул ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, Бобур - кўплаб тарихий ва адабий асарларни ўқиб, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан “Бобур” (“Шер”) лақабини олади. Отаси Умаршайх мирзо 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради. Ҳазрат Бобур мирзонинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 110 дан зиёд фардлари аниқланган. Бобур Мирзо ўзидан бетакрор маънавий мерос қолдирди. “Бобурнома” асари, “Хатти Бобурий”да битилган рубоийлари ва қитъалари Мовароуннаҳр ва Aфғонистонда, туркий давлатларда бебаҳо асар сифатида қадрланади.
Кўтаринки рухда бўлиб ўтган учрашувда, Бобур ҳаётига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди, қўшиқлар куйланди, ўқувчи ёшлар Бобур ғазалларидан намуналар ўқишди, ҳаёти ва ижодига оид турли кўргазмалар ташкил этилди.
Тадбир давомида, иштирокчилар ушбу Президент мактаби фаолияти ва яратилган шароитлар билан таништирилди.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
14.02.2022