Юртдошларимизга жўнатмалар орқали шахсий эҳтиёж учун мўлажлланган товарларни қабул қилиб олишлари учун барча қулайликлар яратилган.
Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3512-сон қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар халқаро курьерлик жўнатмаларида учун бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ доллари қийматидаги товарларни божсиз қабул қилиб олишлари мумкин.
Божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлар доирасида олиб келинган ҳар бир курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида қабул қилувчи жисмоний шахс иштирок этмаслиги сабабли ҳам ҳақиқатда жўнатма ўша жисмоний шахс номига келдими, унинг манзилига етказилдими-йўқми буни назорат қилиш имконияти мавжуд эмас.
Тезкор ўрганишлар жараёнида жиноий гуруҳлар айрим шахсларнинг ишончига кириб алдов йўли билан паспорт маълумотларини қўлга киритганлиги, ҳаттоки бир неча йил муқаддам вафот этган ёки хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар паспорт маълумотларидан фойдаланиб уларнинг номига курьерлик жўнатмалари ниқоби остида тижорат мақсадига мўлжалланган товарларни олиб киришга уринишгани ҳам аниқланди.
Аслида тижорат учун мўлжалланган товарларни гўёки шахсий фойдаланиш ниқоби остида олиб киришга уринишлар яширин иқтисодиётнинг ривожланишига, тартибсиз импорт фаоллашишига ва ички бозорни ноҳалол тадбиркорлар томонидан арзон (сифатсиз) импорт маҳсулотлари билан тўлдирилишига, шунингдек, давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона ва солиқ тўловлари бўйича кўрсаткичларни камайишига олиб келади.
Шу боисдан мазкур муаммонинг олдини олиш мақсадида, қанчалик қийин бўлса-да, кўп вақт ва ресурс талаб этса-да, эндиликда давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳар бир жўнатма билан индивудиал тарзда шуғулланиш йўлга қўйилади. Жўнатмада номи қайд этилган фуқаро номига ростдан ҳам хориждан жўнатма юборилганми-йўқми, жўнатмадаги товарлар ва уларнинг миқдори ҳақида фуқаро тасдиқлаганидан сўнггина ушбу жўнатмалар эгасига етказиш учун курьерлик ташкилотига топширилади.
Жорий этилаётган ушбу механизм ДБҚ ташаббуси билан эмас, балки фуқароларнинг мурожаати асосида амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига юборилаётган товарлар учун божсиз олиб кириш меъёрини қисқартириш бўйича ДБҚ томонидан ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмаган.
Божхона тўловларидан имтиёзлар беришни назарда тутувчи ҳар қандай норматив ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилганда ҳукуматга тасдиқлаш учун киритишдан олдин лойиҳа ташаббускори томонидан “project.gov.uz” орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
12.02.2022