Ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар, товар ва транспорт воситалари кўп ҳаракатланадиган ҳамда алоҳида ёндашувни талаб этадиган Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона”, “Ўзбекистон” ва “Риштон” чегара божхона постларида амалий ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ ходимлари божхона постларининг мақоми, ўтказувчанлик қобилияти, товар ва транспорт воситалари ҳаракати, вилоятнинг қўшни давлатдаги эксклав ҳудудларида яшовчи фуқароларнинг божхона постлари орқали ҳаракатланиши каби ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Олиб борилган ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ ходимлари пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, тадбиркорлар ҳамда постда хизмат қилаётган ходимлар билан амалиётда юзага келаётган муаммоли масалалар уларни ечими, божхона постларида яратилган шарт-шароитлар ва уларни яхшилаш бўйича суҳбатлашиб уларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Бундан ташқари ходимлар ўртасида коррупция ва тамагирлик ҳолатларини содир этилишини олдини олиш, унинг содир этилишига замин яратиб бераётган омилларни бартараф этиш бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ходимларнинг билими, дунёқараши ва божхона назорати техник воситаларидан фойдалана олиш даражасини аниқлаш мақсадида ходимлар синовдан ўтказилди. Ходимларнинг билимини ҳамда маънавий салоҳиятини доимий ошириб бориш бўйича ишчи гуруҳ томонидан келгусида вилоят маънавият ва маданият соҳаси ижодкорлари иштирокида давра суҳбатлари ҳамда амалий машғулотлар ташкил этиб бориш бўйича зарурий кўрсатмалар берилди.
Мазкур ўтказилган ўрганиш ишларида аниқланган номутаносибликлар ҳамда муаммоли масалаларнинг келгусида бартараф этилиши божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнларини янада соддалаштирилишига, тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олишга, божхона постлари орқали товар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш вақтининг сезиларли қисқаришига хизмат қилади.
12.02.2022