Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир давомида пойтахтимизда ҳаракатланаётган “Дамас” русумли автомашина кузатувга олинган.
Мазкур автомашина Сергели туманида истиқомат қилувчи К.В.нинг хонадонига келиб, автомашина салонидаги 12 та картон қутилардаги товарларни тушираётган вақтда тўхтатилди. Натижада, автомашина салонида 43 турдаги турли кўринишдаги биологик фаол қўшимчалар борлиги аниқланди. Хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 2776 дона биологик фаол қўшимчаларнинг қиймати 531,2 млн. сўмни ташкил этар экан.
Тадбир давомида хонадон ер тўласида умумий қиймати салкам 1,7 млрд сўмлик 8782 дона турли хил биологик актив қўшимчалар борлиги маълум бўлди.
Ўтказилган кенг қамровли тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида жами нархи 2,2 млрд. сўмлик 11,5 минг донадан ортиқ биологик фаол қўшимчалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Яна бир ҳолатда “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Москва-Андижон” йўналишида кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида фуқаро С.Р. салкам 160 дона сифати кафолатланмаган косметика товарларини божхона назоратига тақдим этмасдан ва декларацияламасдан олиб келаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
17.11.2018