Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони – Алишер Навоий
1104
Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони – Алишер Навоий

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

                                                                                                 Алишер Навоий

Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади.

Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш билан ўтказди.

 Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилди. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан эмикдош бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган.

Алишер Навоий ўз асарларида ёшларни тарихни билишга, Ватанга садоқатли, фидойи бўлишга, керак бўлганда жасорат кўрсатишга чорлайди. Маълумки, Навоий нафақат улуғ шоир, балки давлат арбоби, мамлакат тараққиётига фаол таъсир кўрсатган шахсдир. У қарийб ўттиз йилдан ортиқ умрини давлат бошқарувига сарфлади, яъни султон Ҳусайн Бойқаронинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида фаолият юритди. Навоийнинг ҳаёти Хуросоннинг XV аср иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Шоирнинг барча асарларида ҳаёт, адолат ва ҳақиқат улуғланади, ҳалол меҳнат, ақл ва билим билан бахт топиш қадрланади. Шу боисдан мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Бу йил шоир таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан бобокалонимиз шарафига аталган Навоий вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмокда. Хусусан, Навоий вилояти божхона бошқармасида “Буюк шоир Мир Алишер Навоий ижодига назар” мавзусида илмий-амалий учрашув ўтказилди. Мазкур учрашувда Навоий давлат педагогика институтининг “Ўзбек тили ва адабиёти” факултети доценти Б.Зарипов ва мазкур факултет катта ўкитувчиси С.Муқимова маъруза қилиб, йиғилганларга Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, бой илмий мероси ҳақида муҳим маълумотларни етказди.

Вилоят бўйлаб шоир таваллудига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

8.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг