Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда Навоий таваллуди кенг нишонланмоқда
868
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигини кенг нишонлаш бўйича турли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Қашқадарёда Навоий таваллуди кенг нишонланмоқда

Мазкур йўналишдаги навбатдаги давра суҳбати Республика маънавият ва маърифат марказининг Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.

Унда, марказнинг вилоятдаги раҳбари Лола Саодатова, масъул ходим Латиф Қамбаров, вилоят Маданият маркази ижодкорлари ҳамда божхона бошқармаси ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг илк қисмида, буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва бебаҳо ижодий-илмий мероси ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, XV аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 февраль)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон эса Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфузли соҳиби эди.

Тадбир давомида шоирнинг ғазалларидан парчалар ўқиб эшиттирилди ҳамда мусиқалар ижро этилди. Шунингдек, мавзу юзасидан йўлланган саволларга масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди.

Дарҳақиқат, буюк бобокалонимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

 

8.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг