Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Натижалар – сарҳисоб қилинди
8245
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда юз бераётган янгиланиш ва ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қонунчиликка асосан имтиёзлар, енгилликлар яратиш орқали юртимизда янги иш ўринлари яратишдан иборатдир.
Натижалар – сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилиб келинмоқда ва бу ўз натижасини кўрсатиб, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақтнинг қисқариши билан бир қаторда сифат даражасининг ортишига олиб келмоқда.

Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мисолида олиб қарасак, 2022 йил январь ойи давомида бошқарма томонидан қиймати 32,6 млн АҚШ долларидан ортиқ маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилди.

Умумий қиймати 47,5 млн АҚШ долларини ташкил этувчи Қорақалпоғистон Республикасининг ташқи савдо айланмасининг 68 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.

Шунингдек, жорий йилнинг январь ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан
23 млрд 373 млн сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.

Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш йўлида бир қанча имтиёз ва имкониятларни ўзида акс эттирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилинмоқда. Мазкур қонун ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида, божхона органлари томонидан 2022 йил январь ойи давомида ТИФ қатнашчиларига жами 19 млрд. 332 млн. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Шунингдек, мазкур давр мобайнида божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлик 57 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 1 млрд 058 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 3 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бошқарма тегишли бўлинмалари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда контрабанда ашёлари ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишда ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, жорий йил январь ойи давомида 2039,83 гр. “опий” гиёҳвандлик ҳамда 26,65 кг. “Симоб” моддалари аниқланди.

 

 

7.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг