Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Келажакка раҳна солаётган иллатдан сақланинг!
8478
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш божхона органлариниг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Келажакка раҳна солаётган иллатдан сақланинг!

Сўнгги пайтларда жамоатчиликни айрим фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиниши ҳолатлари ташвишга солиб келмоқда. Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Хусусан, кучли таъсир қилувчи препаратларни нотўғри қўллаш туфайли ушбу фармацевтик маҳсулотларга қарам бўлиб қолиш ёки наркологик касалликларга йўлиқиш мумкин. Катта ҳаёт остонасида турган ўсмир йигит-қизлар орасида бу каби зарарли одатлар учраётгани ота-оналарни, халқимиз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони ташвишга солиши шубҳасиз.

Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида ҳалқаро ҳужжатлар, қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори бундай салбий ҳолатларга барҳам беришда, яъни дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олинади ҳамда уларнинг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар ва гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги кунда глобал муаммога айланиб бораётган ушбу иллатга қарши курашишда идоралараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун юртимизда кучли тасир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи оммилардан бири сифатида қараб келинмоқда. 

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ўтган давр мобайнида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар, ва кучли таьсир қилувчи дори воситаларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ишлар амалга оширилди.

Ўтган 2021 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида жами 66 та ҳолатда 56,7 кг. гиёҳвандлик воситалари, 8 туп марихуана ўсимлиги ва 8020 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Психотроп ва кучли таъсир этувчи, захарли ва захарловчи моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ 26 та ҳолат аниқланиб, 
542 дона психотроп таблетка ва 6,3 кг. кучли таъсир этувчи модда ва 27 минг 833 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ушлаб қолинди.

Ушбу захри қотилларнинг савдоси билан шуғулланаётган шахсларнинг асосий қисмини 20-30 ёшдаги фуқаролар ташкил этаётган бўлса, уларнинг орасида аёллар ҳам учраб туриши ачинарлидир.

Жумладан, 2022 йил 5 январь куни бошқарманинг тезкор тузилмалари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги хонадон кўздан кечирилганида у ердан 16 та флаконда “Тропикамид”,
140 дона “Регапен” кучли таьсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Афсуски, орамизда ушбу моддалар инсон саломатлигига жиддий зарар етказишини била туриб, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи ва сифати кафолатланмаган бу дори воситаларини сотишга уринаётган нопок кимсалар ва дорихона эгалари ҳам учраб турибди. Энг асосийси, уларнинг бу ҳаракатлари туфайли ёш авлодимиз саломатлигига жиддий зарар етаётгани, келгусида жамиятимизнинг олди қаторларида бўлиши мумкин бўлган йигит-қизларнинг кучли таъсир қилувчи воситаларга қарам ҳолатга келиб қолиши ачинарлидир.

Музаффар Тоджимаматов,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи

6.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг