Мазкур йўналишдаги навбатдаги учрашув Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Шаҳрисабз силк” корхонасида бўлиб ўтди.
Вилоятимизнинг Шаҳрисабз шаҳрида фаолият кўрсатаётган ушбу корхона мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга пилла хомашё маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган лойиҳа ҳисобланади.
Корхонада йилига ўртача 1000 тонна пилладан қайта ишланган тўрт хил турдаги хом ипак, ипак момиқ каби табиий ярим тайёр маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Корхона фаолияти учун пилла хомашёси Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Китоб туманларидан келтирилади.
Корхонага Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган қиймати 5 миллион 226 минг АҚШ долларилик замонавий ускуналар ўрнатилган. Импорт асосида келтирилган ускуналарга божхона томонидан 7 миллиард 907 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган ҳолда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилган.
Қайта ишланаётган маҳсулотлар 4-4,2 килограмм оғирликда қадоқланиб, Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон ва Эрон давлатларига экспорт қилинмоқда.
Аҳамиятлиси, тадбиркор мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Келгусида бу ерда табиий пилладан мато ва тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Юзлаб янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий аҳолининг иш билан бандлиги таъминланади.
4.02.2022