Жорий йилнинг 2 февраль куни Бухоро халқаро аэропортида Новосибирск шахрига парвози олдидан божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган ушбу шахснинг қўл сумкаси ичида 1 дона учувчисиз учиш аппарати борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур қурилмани Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш таъқиқланган ёки тақиқланмаганлигини аниқлаш юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.
Юқоридаги ҳолатни расмийлаштириш жараёнида хорижий шахс М.Л.га нисбатан ҳеч қандай руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилмаган, амалдаги қонунчилик талабларига асосан ўз ҳуқуқларидан тўлаконли фойдаланиши таъминланган.
Хусусан, божхона органи томонидан фуқаролик паспорти олиб қўйилмаган ва унга нисбатан эркин яшаши учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига биноан учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Давлат божхона қўмитаси Бухоро вилояти божхона бошқармаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.
4.02.2022