Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухорода ҳужжатлардан “тушиб” қолган товарларнинг умумий қиймати салкам 1.5 млрд. сўмни ташкил қилди
1035
“Яширин иқтисодиёт”нинг асосий омилларидан бири товарларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши, айирбошланиши ва божхона ҳудудида ҳаракатланишида намоён бўлади.
Бухорода ҳужжатлардан “тушиб” қолган товарларнинг умумий қиймати салкам 1.5 млрд. сўмни ташкил қилди

Бу эса давлат божхона хизмати органларининг республикамизда “яширин иқтисодиёт”нинг улушини қисқартириш ва товарларнинг ноқонуний ҳаракатини олдини олиш борасидаги масъулият нақадар катта эканлигини англатади.

Давлат божхона қўмитасининг Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ходимлари қўшни мамлакатдан кириб келган темир йўл вагонларини белгиланган тартибда инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида божхона назоратидан ўтказишди. 

Текширув давомида, темир йўл вагонларида олиб келинаётган юклар орасида юк-кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган 1,5 тонна оғирликдаги силикон мойи борлиги аниқланди. Мазкур товарнинг умумий қиймати эса 1 млрд. 143 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, “Олот” чегара божхона пости ходимлари томонидан хорижий давлатдан кириб келган юк автомашинаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Тиркамадаги пойафзалга сепиш учун фойдаланиладиган спрей товарлари ҳужжатларда кўрсатилганидан кўра 1,7 тоннага кўплиги аниқланди. Товарнинг айнан ҳужжатда кўрсатилмаган қисмнинг қиймати салкам 217 млн. сўмни ташкил қилмоқда.  

Мазкур постда аниқланган яна бир ҳолатда эса қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситасининг хавфни бошқариш тизимида “қизил” йўлакка йўналтирилгани бежим эмас экан.

Текширув давомида, ушбу транспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган 36 минг дона болалар ҳамёнлари борлиги аниқланди, уларнинг умумий қиймати 90 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

4.02.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг