Хабарингиз бор, бугунги кунда божхона органларида тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш бўйича бир қатор қулайликлар жорий этилмоқда.
Хусусан, Адлия вазирлигида 2021 йил 27 декабрда 3343-рақам билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган бўлиб, жорий йилнинг 1 январь санасидан бошлаб божхона органлари томонидан импортга олиб кириладиган товарларга тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Дастлабки қарорга эга бўлиш ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қуйидаги афзалликларни тақдим этади:
Биринчидан, божхона расмийлаштируви жараёни осонлашади, бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг вақтини сезиларли даражада тежайди.
Иккинчидан, импортга олиб келинган товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини олдиндан ҳисоблаш имконини беради.
Учинчидан, импорт билан доимий шуғулланмаган тадбиркорларга олиб келинган товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини олдиндан билиб олиши мумкин ва бу бўйича аниқ маълумотларга эга бўлади.
Манфаатдор шахс дастлабки қарорни олиш учун белгиланган шаклдаги ариза билан божхона органига ёзма ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд ДБҚнинг расмий веб-сайти орқали электрон тарзда мурожаат қилиши мумкин.
Аризага қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилинади:
а) мажбурий тартибда:
-коносамент, авиа, автотранспорт ёки темир йўл варақаси;
- ҳисоб-фактура (инвойс) ёки проформа-инвойс;
- Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товарларнинг коди;
- товарларнинг нархи, миқдори (қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори), асосий техник-тижорат тавсифлари (маркаси, модели, артикули, модификацияси), ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган мамлакати, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги маълумотлар;
- товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулидан келиб чиққан ҳолда божхона қийматини тасдиқловчи маълумотлар ва ҳужжатлар;
б) мавжуд бўлганда:
- товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи сертификат;
- юк ташиш (ўров) варақлари;
- товарларни таснифлаш бўйича олинган дастлабки қарор;
- товарларнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари ва паспортлари, шунингдек дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар.
Тақдим этилган ариза рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади.
Аризада кўрсатилган товарларнинг турлари ва ҳажмидан қатъи назар, битта ариза бўйича битта дастлабки қарор қабул қилинади.
Дастлабки қарор қабул қилинганидан сўнг манфаатдор шахснинг телефон рақамига дастлабки қарор қабул қилинганлиги ва божхона йиғимини тўлаш лозимлиги тўғрисида тегишли тўлов бўйича инвойс шакллантирилган ҳаволали SMS хабар юборилади.
Дастлабки қарор қабул қилинганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 700-сонли қарор талаби бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи миқдорида божхона йиғими ундирилади.
Дастлабки қарорни қабул қилганлик учун божхона йиғими манфаатдор шахснинг кўрсатмасига асосан унинг божхона органи шахсий ғазна ҳисобварағига дастлабки тарзда ўтказилган пул маблағларидан ҳам ечиб олиниши мумкин.
Манфаатдор шахс божхона йиғимини тўлаганидан сўнг, ўзи мурожаат қилган ЯИДХП ёки веб-сайт орқали аризанинг рўйхат рақамини киритган ҳолда дастлабки қарорнинг электрон шаклини юклаб олади, шунингдек ёзма шаклда мурожаат қилинган бўлса, дастлабки қарорнинг электрон ёки қоғоз шаклини ариза топширилган божхона органидан олиши мумкин.
Қабул қилинган дастлабки қарорлар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор шахслар ҳақидаги маълумотларнинг конфиденциаллигини сақлаган ҳолда ДБҚнинг веб-сайтида автоматик тарзда жойлаштириб борилади.
Дастлабки қарор қабул қилинган кундан бошлаб 90 календарь кун давомида амал қилади.
Дастлабки қарор асосида Ўзбекистон Республикасининг исталган божхона постида божхона расмийлаштируви амалга оширилади.
Бунда, дастлабки қарорни қабул қилиш учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатлар божхона расмийлаштирувида тақдим этилган ҳужжатлар билан бир хил бўлиши керак.
Дастлабки қарор қабул қилиш бўйича Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қиламиз.
2.02.2022