Яқинда Тошкент халқаро аэропортида Деҳлига парвози олдидан икки нафар фуқаро З.Ф. ва Х.А.лар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, уларнинг ёнида тилладан ясалган қўл соатлари борлиги маълум бўлди.
Асиллик даражасини аниқлаш учун ўтказилган экспертизадан сўнг мазкур тилла соатларнинг Давлат асиллик даражаси тамғаси қалбакилаштирилганлиги фош этилди. Тилла соатларнинг умумий қиймати эса 36 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5721-сонли Фармонига биноан 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний шахсларга қиймати 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
2.02.2022