Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контранбадага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи, психотроп ҳамда таркибида психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган қатор тезкор тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган “Нексия” русумли транспорт воситасида ҳаракатланаётган 2 нафар фуқаро кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотишга уринаётган вақтида қўлга олинди.
Тезкор тадбир давомида автомашина капоти тагида - мотор устида 2 та ўрамда 198 дона “Тропикамид” дори воситаси яширилганлиги фош бўлди. Шунингдек, улар истиқомат қилаётган хонадонда ҳам 50 дона “Тропикамид” ва “Регапен” дори воситалари қонунга хилоф тарзида сақланаётганлиги аниқланди.
Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда эса аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Lacetti” русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Натижада эса транспорт воситасининг заҳира ғилдираги остига 3 дона пакетда жами 495 дона “Тропикамид” дори воситаси яширилганлиги аниқланди.
Навбатдаги тезкор тадбир эса Наманган вилояти Уйчи туманида ўтказилди. Божхоначилар томонидан шубҳа остиган олинган шахс тўхтатилиб, кўздан кечирилганида унинг ёнидаги 2 та қопда 478 дона “Тропикамид” ҳамда 2520 дона “Регапен” номли кучли таъсир этувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Гарчи бу дорилар ўзига тегишли эмаслигини, уни маълум бир ҳақ эвазига шунчаки эгасиги етказмокчи бўлганлигини таъкидласа-да, энди бу қилмиши ушбу шахсни жавобгарликдан озод этмайди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги тезкор тадбирда шубҳа остидаги фуқаро ўтирган “Қобальт” русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Буни қарангки, транспорт воситасида йўловчи сифатида келаётган шахсга тегишли сумкада 168 дона “Тропикамид” ва 322 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг биргина январ ойида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 6 та ҳолатда 8087 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2.02.2022