Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
3372
Махсус комиссия қарори билан 15 январдан Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга қарши мажбурий тест топшириш жорий этилди.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг баёнига мувофиқ, 2022 йил 15 январдан хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс антиген тест топширишлари шартлиги белгиланди.

Мамлакатимизнинг барча чегара ўтказиш пунктларида коронавирус инфекциясини аниқлаш хизмати фақат Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига юкланди.

Бунда чегара ўтказиш пунтклари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган фуқаролардан коронавирусга экспресс тестлар олинганда, талабаларга 50 фоизли чегирма берилмоқда, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бепул тестдан ўтказилмоқда ҳамда 2 ёшга тўлмаган болалардан тест олинмаяпти.

Махсус комиссиянинг юқоридаги топшириғи ижросидан келиб чиқиб, халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш пунктларида - жами 31 та чегара-божхона постларида коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тегишли ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур жараёнларга 240 нафардан зиёд тиббиёт ёлланма ходимлари, маълумотларни ахборот тизимларида рўйхатдан ўтказувчи 200 нафардан зиёд операторлар ишга олинди. Ходимларнинг иш фаолияти тўлиқ назоратга олиниб, видеокузатув тизимлари билан таъминланди.

Тест олиш жойлари зарурий мебель, компютер, электр таъминоти ва бошқа инвентарлар билан жиҳозланди.

Жараёнга 300 дан зиёд компьютер ва принтер жамланмалари, паспортларни сканерлаш ускуналари, QR кодларни чоп этадиган ва ўқийдиган қурилмалар жалб қилинди.

Банк идоралари билан ҳамкорликда тест олинадиган жойларга нақд пулни ечиб олиш учун банкоматлар, пул қабул қилиш учун банк шахобчалари фаолияти йўлга қўйилди.

Ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хусусан, кийиниш ва овқатланишлари учун алоҳида хоналар тайёрланди.

Дастлабки босқичда 600 минг дона экспресс антиген тестлар ҳозирлаб қўйилди. Шунингдек, тиббий комбинезон ва қўлқоплар, тиббий ниқоб, салфетка ва антисептик воситалар ҳам етарли миқдорда ажратилди.

Дастлабки босқичда экспресс антиген тест натижасига кўра, коронавирус билан касалланган жисмоний шахсларга даволанишлари учун 5 минг дона “COVID-box” дорилар тўплами ажратилиб, ушбу жамланмалар бепул тақдим қилинмоқда.

Ўтказилган тест синовларининг натижаларини умумлаштириш ва таҳил қилишга қаратилган ягона covidtest.customs.uz ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди ва тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида, ккирим ордер жорий қилиниб тўловлар хисоб-китоби ва тестдан ўтган фуқаролар ҳисобининг тўлиқ юритилиши, барча тўловлар белгиланган тартибда банк орқали тўланиши йўлга қўйилди. Ахборот тизимига амалга оширилган тўловлар бўйича чек маълумотлари ҳам киритиб борилмоқда.

Табиийки, юқоридагиларнинг барчаси муайян ҳаражатларни талаб қилади ва экспресс антиген тест учун белгиланган 5 АҚШ доллари айнан шу ҳаражатларни қамраб олишга хизмат қилади, холос.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, аҳамият беринг, жорий йилнинг 15-19 январь кунлари  республикамизга 56 910 нафар жисмоний шахслар кириб келган. Гарчи уларнинг барчасида республикага ташриф буюришдан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий натижали, яъни касалланмаганлиги ҳақида маълумотнома бўлишига қарамай, жами 1458 нафар фуқарода коронавируснинг мусбат натижаси аниқланган.

Афсуски, мазкур тадбирлар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда ва гўёки республикамизга кириб келаётган жисмоний шахслардан пул ундириш воситаси сифатида қаралмоқда.

Соғлом тафаккур билан таҳлил қилинса, коронавирус инфекциясига экспресс антиген тест топшириш жараёни ортидан ҳеч қандай моддий манфаатдорлиик кўзда тутилмагани аён бўлади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Шу вақтга қадар чегара худудлар орқали харакатланаётган фуқаролардан COVID-19 тест синовлари олиш жараёни бир неча ташкилотлар томонидан турли усулларда ташкил этилган.

Тест синовлари учун ундириладиган тўловлар ҳам турлича белгиланиб, ўртача 100 - 200 минг cўмни ташкил қилган. Бунда тўловлар хисоби тўлиқ юритилмагани сабабли, банкдан ташқари пул маблағларининг ноқонуний айланмаси эҳтимоли ҳам сақланиб қолаётган эди.

Тест олиш жараёни чегара-ўтказиш пунктларининг кириш жойида амалга оширилгани, бу ерда эса тест олиш ва унинг натижасини эълон қилиш учун етарли шароитлар бўлмаган. Айниқса, ноқулай об-ҳаво шароитларида йўловчилар муайян қийинчиликлар юазага келган.

Дунё ҳамжамиятида кузатилаётган эпидемилологик ҳолатдан келиб чиқиб, айниқса, коронавируснинг янги “омикрон” штамми тез суръатларда тарқалаётганлигини инобатга олсак, чегара ўтказиш пунктларида коронавирус инфекциясини аниқлаш хизмати инсон қадри учун амалга оширилаётганлиги ойдинлашади.

20.01.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг