Анжуманда вилоятда божхона тизимида 2021 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланишича, вилоятда тадбиркорларга ўтган йилда божхона тўловларидан 458 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди. Давлат бюджетига эса 600 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилди.
Вилоятда ишлаб чиқарилган 406 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар хорижга – 50 га яқин давлатларга экспорт қилинди. Вилоятда экспорт божхона режимига расмийлаштирилган товарларнинг асосий қисмини тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, мева-сабзавот маҳсулотлари, тери маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари ташкил этди.
Шунингдек, 2021 йилда товарлар экспорти билан шуғулланган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари сони 416 тани ташкил этган.
2021 йилда вилоят божхоначилари 569 та қонунбузилиш ҳолатларида 45,4 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларни ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган.
Анжуманда божхона соҳасига доир барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар йиллар кесимида аниқ таҳлиллар ва мисоллар билан кўргазмали тарзда журналистларга етказилди.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.
29.01.2022