Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция ва яширин иқтисодиёт – тараққиётга тўсиқ!
940
Маълумки, мамлакатимиз ўз йўлида шиддат билан ривожланиб бормоқда. Иқтисодиётимизда муҳим ўринга эга бўлган янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, замонавий ва юқори технологияли ишлаб чиқариш объектлари барпо этилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, халқимизнинг яшаш тарзини янада яхшилашдан иборат.

Шуни эътибордан чиқармаслик керакки, бу каби эзгу мақсадлар йўлида тўсиқ ва қаршилик қилувчи салбий иллатлар ҳам учраб туради. Коррупция ва яширин иқтисодиёт шулар жумласидан.

Шундан келиб чикиб, юртимизда йилдан-йилга бизнесга қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Коррупция ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, янги солиқ тизими жорий этилганлиги, кўплаб рухсат бериш ва лицензиялаш қоидаларининг қисқартирилганлигини мисол қилиш мумкин.

Бу борада мамлакатимиз божхона тизимида ҳам яширин иқтисодиёт ва коррупциянинг олдини олиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш ахборот тизимлари ёрдамида танлаш принципларига асосланган замонавий ахборот-коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Шу асосда “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бугун соҳада 65 та ахборот тизимларидан ва 33 та интерактив хизматлардан самарали фойдаланилмоқда.

Мисол учун, “Хавфни бошқариш” тизими орқали қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Энг қулай томони шундаки, товар ва транспорт воситаларининг аввалги ялпи божхона назоратидан ўтказишдек самарасиз усулларидан воз кечилди. Бу жараёнларда инсон омили сезиларли равишда қисқарди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди. Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 50-60 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасида ҳам юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хуфёна иқтисодиёт ва коррупциянинг юзага келишига қарши барча бирдек курашмоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бюджетига тушумлар ҳажми ошириш, халқимизнинг яхши яшашини таъминлашда бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Шу ўринда, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъуллари коррупцияга қарши курашиш юзасидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (75) 221-04-80 ишонч телефон рақами доимий фаолият кўрсатаётганлигини эслатиб ўтади.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

29.01.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг