Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларида “Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари”
5235
“Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида божхона органларида “Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Божхона органларида  “Рақамли божхона ва унинг ривожланиш истиқболлари”

Унда журналистларга вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги Файзуллаев Жасурбек Шавкатович ҳамда масъул таркибий тузилма раҳбарлари 2021 йилда вилоят божхона бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Натижада, Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айланмаси 2021 йилга келиб 1 755,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди. 2020 йилга нисбатан 333,6 млн. АҚШ долларига ёки 23,5%га кўпайган.

Шундан:
Экспорт – 450,2 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, (2020 йилда - 314,6 млн. АҚШ доллари) ўтган йилга нисбатан - 135,6 млн. АҚШ долларига ёки - 43,1 %га кўпайган. Импорт – 1,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.

2021 йил давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 3 593,4 млрд. сўм божхона тўловлари ҳисобланди.

Шундан, 1 710,5 млрд. сўм (47,6%) қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилди, қолган 1 882,9 млрд. (52,4%) сўми давлат бюджетига ундирилди.

Давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 690,3 млрд. (2020 йилда - 1192,6 млрд. ундирилган) сўмга, яъни 58%га ортган.

“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали 2021 йил давомида йўловчиларнинг 99,6 фоизи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган бўлса, қолган 0,4 фоиз йўловчилар “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган.

“Жартепа” чегара божхона пости орқали эса киришда 83 387 мингга яқин, чиқишда 92 786 мингдан ортиқ, жами 176 173 минг нафар фуқаролар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 600-700 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилган.

Шунингдек, пост орқали жами 7 632 та, шундан киришда 3 218 та ва чиқишда 4 414 та транспорт воситалари ҳаракатланган.

Божхона органлари фаолиятида сўнгги беш йиликнинг энг муҳим янгилиги - “Хавфни бошқариш” тизими тадбиркорларда халоллик ва қонунга итоаткорликка интилишни рағбатлантирмоқда. 2021 йилда “Хавфни бошқариш” тизими орқали жами 54 077 та электрон шаклда божхона юк декларацияси (БЮД) расмийлаштирилган.

Илгари тадбиркорларнинг барча юклари ёппасига божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозирда экспортда 90% ва импортда 72% юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Кўриклар сони 1,7 маротаба камайиб, самарадорлиги 1,5 баробар ортди. Вақт сарфи экспортда 1,8 маротаба ва импортда 1,4 баробар қисқарди.

Божхона юк декларацияларини рўйхатдан ўтказиш жараёни тўла автоматлаштирилди. Натижада 1-2 дақиқани ичида тадбиркор декларацияни божхонада мустақил равишда ўзи рўйхатдан ўтказмоқда. Илгари бу жараёнга ўртача 1 соат вақт сарфланган.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига божхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган 66 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва 33 та интерактив хизматлар жорий қилинди.

2020 йилда давлат бюджетига 1,2 трлн. сўм ундирилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 1,9 трлн. сўмни ташкил қилди.

Мобил иловалар орқали божхона тўловларини тўлаш имконияти жорий қилинди. Ҳозирга қадар 6 млрд. сўмлик божхона тўловлари айнан мобил иловалар орқали амалга оширилди.

Ўтган 2021 йил давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 734 та божхона қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, улар бўйича 15 млрд. 065,3 млн. сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 49 та қонунбузилиш ҳолатларини аниқланиб, натижасида 34,4 кг. гиёҳвандлик воситалирини ноқонуний муомаласига чек қўйилган.

Анжуманда божхона соҳасига доир барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар йиллар кесимида аниқ таҳлиллар ва мисоллар билан кўргазмали тарзда журналистларга етказилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

23.01.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг