Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари сафларида хизмат қилаётган ходимларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш бу соҳада олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айни шу вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 11 январь куни Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маънавий-ахлоқий тайёргарлигини такомиллаштириш масалалари” мавзусида илмий-амалий давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ҳамда эксперт-мутахассислари, Божхона институти раҳбарияти ва ходимлари, курсантлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан профессор-ўқитувчилар ва олимлар томонидан Тараққиёт стратегияси даврида ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ходимларининг маънавий-маърифий даражаси ва ахлоқий тарбиясининг хусусиятлари, уларни руҳий-маънавий тарбиялашда миллий қадриятларининг роли, хизматда юзага келиши мумкин бўлган касбий-ахлоқий бузилиш ва уни олдини олиш, шунингдек ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Дарҳақиқат, қалбида ўз халқига садоқати кучли, хизмат бурчига фидокорона ёндашадиган ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими, мамлакат тинчлиги ва дахлсизлигини таъминлай оладиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қила оладиган қудратли кучга айлана олади.
Бугун ўсиб келаётган келажакда ҳарбий бўлиб, Ватанига хизмат қилишни ўз тақдири деб биладиган ботир фарзандларимизни миллий руҳда, муқаддас Ватан тақдири учун масъулият туйғусида тарбиялашимиз ҳарбир оиланинг асосий мақсади бўлмоғи лозим.
Тадбир давомида кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маънавий-ахлоқий тайёргарлигини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ДБҚ Ахборот хизмати
Ёқуб Ўктамов
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
20 бошқарма катта прокурори
13.01.2022