Иқтисодиётнинг қўллаб-қувватланаётганлиги, бу борада тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар, миллий маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайишига, янги иш ўринларини яратилишига, шунингдек экспорт ҳажмини янада ошишига замин яратмоқда.
Айни кунда Китоб туманида йирик “Qarshi Conch Cement” цемент ишлаб чиқариш заводи қад ростламоқда.
Заводнинг умумий лойиҳа қиймати 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Улкан тоғлар ён бағрида барпо этилаётган мазкур корхонада сифатли портланд цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Барпо этилиши айнан пандимия даврига тўғри келишига қарамасдан объектда қурилиш ва монтаж ишлари тўхтовсиз амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда ҳам саккиз юз нафар муҳандис ва ишчилар тинимсиз меҳнат қилмоқда.
- Лойиҳа қурилиши ҳозирда муаммосиз давом этмоқда, дейди – “Qarshi Conch Cement” корхонаси раҳбари ўринбосари Жау Бао Пинг (Хитой). - Қурилиш ва монтаж ишларининг 90 фоизи якунланган. Маҳсулот ишлаб чиқаришни 2022 йилнинг май ойларида бошлашни мақсад қилганмиз. Корхона фаолиятини бошласа, кунига ўртача 3000 тонна қурилиш учун зарур бўлган цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Сovid-19 пандимия кучайган вақтда бироз қийинчиликлар бўлди. Ўша вақтларда ҳам божхона ходимлари бизнинг яқин ҳамкоримизга айланди, улар томонидан бизга доимий равишда ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.
Аҳамиятлиси, янги корхона ишга туширилиши натижасида 300 нафар маҳаллий ёшларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эса қурилиш учун ички эҳтиёжларни таъминлаш баробарида, экспортга ҳам чиқарилиши назарда тутилган.
Мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган ушбу лойиҳа доирасида олиб келинаётган ускуна ва жиҳозлар “Китоб” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Корхона учун олиб келинаётган ускуна ва зарур материаллар учун қарийб 41 миллиард (40 млрд. 499 млн.) сўм миқдоридаги божхона имтиёзлари қўлланилди.
19.01.2022