Яқинда ана шундай учрашув “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб ўтди. Учрашувда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг қарори асосида юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, улар мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга ҳам рухсат этилган эди.
Энг муҳими, бундан буён тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг божхона кўригидан ўтказиш билан боғлиқ масала ҳам ўз ечимини топди: энди экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иш шароитларини яхшилашга ҳамда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5564-сон Фармони мазмун-моҳияти ҳам батафсил тушунтирилди. Яъни,
- халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар (хизмат)ларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш талаб этилмайди ва барча юридик ва жисмоний шахсларга умумқабул қилинган халқаро амалиётга мувофиқ ҳисобот юритган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ахборот киритмасдан ҳамда почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишга рухсат этилади;
- 2019 йил 1 январдан бошлаб товар-хом ашё биржаси аъзоларининг даромадларига қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиққа тортиш шартлари татбиқ этилади;
- жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади.
Қизғин савол жавоб тартибида бўлиб ўтган учрашувда, экспортёр корхоналар вакиллари, тадбиркорлар ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Шу билан бирга, божхона қонунчилигини таъминлаш, коррупцияни олдини олиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқларини поймол бўлишини олдини олиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан таклифлар олиш мақсадида божхона органларида ишонч телефонлари ташкил қилинганлиги тўғрисида айтиб ўтилди. Божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари маълум бўлса, Давлат божхона қўмитасининг Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари учун доимий қисқа рақамли ишонч телефони 11-08, ҳамда бошқарманинг 224-59-20 рақамли “Ишонч телефони” орқали хабардор қилиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Йиғилиш якунида бу йўналишдаги ишлар давом эттирилишини, тадбиркорларга яратилаётган қулайликларни ўз вақтида сиз экспортёрларга етказиш. Шунингдек, божхона бошқармаси ҳар бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмаслиги ва қонуний ҳал қилишда амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
14.11.2018