Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, шахсий таркиби ва божхона фахрийлари иштирок этишди.
Байрам муносабати билан Президентимизнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган табриги давлат божхона хизмати органлари шахсий таркиби томонидан ҳам кўтаринки кайфиятда қизғин қарши олинди.
Олий бош қўмондонимиз табрикда таъкидлаганларидек, жонажон Ватанимизга садоқат, азму шижоат каби эл-юртимизга хос юксак фазилатларнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини, улар ҳаётимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини янада теран англаймиз ва ўзининг жанговар фаолияти билан буни амалда исботлаб келаётган ғоят олижаноб касб эгаларини шарафлаймиз.
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан бир сафда давлат божхона хизмати органлари ҳам давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат бюджетига божхона тўловларини ундириш каби муҳим вазифаларни шараф билан бажариб келишмоқда.
2021 йил якунларига кўра республикамиз божхоначилари давлат бюджетига 33,2 трлн. сўмлик божхона тўловларини ундиришди. Бу эса 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 трлн.сўмга кўп демакдир.
Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва контрабандага қарши курашиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида сал кам 11 500 та аниқланган ҳуқубузарлик ҳолатларида 857 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ва 531 кг. гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.
Бугун тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар ҳамиша ўзининг муносиб эътирофини топиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан тақдирланган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сафидан 6 нафар божхона ходимлари ҳам ўрин олди.
Улар давлатимизнинг юксак мукофотлари яъни “Мардлик” ордени, “Жасорат”, «Содиқ хизматлари учун» ва «Шуҳрат» медаллари билан тақдирланишди.
Шунингдек, Қуролли кучларнинг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан ҳам бир гуруҳ божхона ходимлари мукофотланди.
Тадбирда мазкур мукофотлар ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан божхона фахрийлари, мукофотланганлар ва бошқалар ўз миннатдорчиликларини изҳор этиб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, юртимизнинг мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда ватан ҳимоячиларига куч-ғайрат тилашди.
15.01.2022