Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Урганч халқаро аэропортида ёш ҳарбий аскарлар ва ўқувчи ёшлар билан учрашув ўтказилди
1909
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошланғич ташкилоти томонидан Иттифоқнинг вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Урганч шаҳрида жойлашган “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари ва ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарларнинг “Урганч” халқаро аэропортига экскурсияси уюштирилди.
Урганч халқаро аэропортида ёш ҳарбий аскарлар ва  ўқувчи ёшлар билан учрашув ўтказилди

Шуни таъкидлаш жоизки, тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида” 2017 йил 5 июндаги ПФ-5106 сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3394 сонли қарори ижроси доирасида ташкил қилинди.

Ўз йигитлик бурчини ўтаётган ёш аскарлар ва тахсил олаётган ўқувчилар эртага ҳаётнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишади. Бу каби экскурсиялардан сўнг эса улар орасида эҳтимол ўз келажагини Ватанимизнинг осойишталиги ва иқтисодий хавфсизлиги билан боғлайдиган, содда қилиб айтганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда хизмат қилишга қарор қилганлари ҳам топилади, албатта.

Аскарлар ва ўқувчи ёшлар дастлаб “Урганч” халқаро аэропортининг учиб кетиш зали билан яқиндан танишишди. Бу ерда хизматнинг олиб борилиши, йўловчилар учун рўйхатдан ўтишдан бошлаб, парвозга қадар бўладиган барча жараёнларда яратилган шарт-шароитлар, божхона назоратидан ўтиш тартиблари ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Божхона тартиб-таомилларига риоя қилмай, йўловчилар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганда божхона ходимларининг амалга оширадиган ҳатти-ҳаракатлари ҳақида батафсил тушунтириб берилди.

Аэропортнинг учиб келиш, кетиш зали аскарлар ва ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу яратилган имконият йўловчиларда, айниқса чет эллик сайёҳларда мамлакатимизга ташриф буюрган илк дақиқаларданоқ ижобий таассуротлар олишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча халқаро аэропортларида бўлгани каби бу ерда ҳам жорий қилинган яшил ва қизил йўлаклар тизими ҳақида аскарлар ва ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди. 

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, ақлан етук ва маьнан баркамол бўлиб тарбияланишлари, уларни ўзи хоҳлаган йўналишларда таълим, билим-кўникмаларни пухта эгаллашида ёрдам кўрсатиш, ватанпарварлик руҳида камол топишлари учун шарт-шароитларни яратиш ва давлат органлари ишлари билан яқиндан таништиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта.

Ж.Хўжаниёзов,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Хоразм вилояти божхона бошқармаси

бошланғич ташкилоти етакчиси

14.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг