Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси муносабат билдиради
4709
Давлат божхона қўмитаси 2022 йил 5 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Давлат божхона хизмати органлари Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўз ваколатлари доирасида божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишлари, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш каби вазифаларни бажаради.

Жумладан, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, уларнинг багажи ва қўл юклари хавфсизлик нуқтаи назаридан божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади.

Бунда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган ва чекланган товарлар, шунингдек божхона тўловлари ундирилмасдан товарларни олиб ўтиш миқдор нормаларига риоя қилинишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сонли қарори ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сонли қарорларига асосан жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни ўз эхтиёжи учун олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланган.

Мазкур нормаларга асосан рўйхат бўйича 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникаларини 6 (олти) календарь ойида 1 донадан, бошқа товарларнинг ҳар  бир  номдагиси 2 кг.дан   (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно), аммо умумий оғирлиги 10 кг. дан ошмаган ҳолда 1 (бир) календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда божхона тўловларини тўламасдан ўз эхтиёжлари учун олиб ўтилиши мумкин.

Бироқ, айрим фуқаролар томонидан тижорат мақсади учун кўзланган товарларни давлат бюджетига тўланиши керак бўлган божхона тўловларидан қочиш мақсадида, гўёки ўз эхтиёжи учун олиб ўтаётганлигини рўкач қилиб, божхона ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, амалдаги тартибга риоя қилмасдан олиб ўтишга уринишлар учраб турибди.

Тезкор маълумотларга кўра, бир гуруҳ сохта “тадбиркор”лар сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган маиший техника воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кийим-кечакларни чегараолди ҳудудда аввалдан йирик миқдорда ғамлаб, сўнгра фуқароларни, айниқса талабалар ҳамда кексаларни моддий манфаатдорлик ҳисобига ёллаб,  гўёки шахсий фойдаланиш ниқоби остида майда туркумларда олиб киришга уринишмоқда.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда республикамизнинг барча чегара божхона постлари видеокузатув тизимлари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, пост орқали ҳаракатланаётган ҳар бир шахснинг хатти-ҳаракати қайд этиб борилади. Фуқароларнинг чегара божхона пости орқали неча маротаба ҳаракатлангани, ўзи билан олиб ўтган товарлари мунтазам таҳлил қилиб борилади.

Шу сабабли фуқаролардан чегара божхона постлари орқали ҳаракатланишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибларга амал қилишлари ва қонунларни ҳурмат қилишларини сўраб қоламиз. Зеро, қонунларга амал қилган фуқаро ҳамиша давлат ҳимоясидадир.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

5.01.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг