Айни кунларда мазкур хужжатни кенг тарғиб этишга бағишланган учрашув мулоқотлар Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, божхона соҳасида хавфларни бошқариш тизими асосида эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар эса бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек, товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгардир; келгусида эса нохалол ёхуд божхона ходимларига божхона юк декларациясида нотўғри маълумот тақдим қилган тадбиркорлик субъектларининг реестри юритилиб келгусида маълумотларни тўғри эканлигига ишонч хосил қилиш учун божхона кўриги ўтказилади.
Тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишлари мумкин. Шу каби масалалар, қарорда белгилаб қўйилган тартиб тамойиллар ўтказилган тадбирда тадбиркорларга, деҳқон фермерларга атрофлича тушунтириб ўтилди.
Вилоятда томорқа майдонларига экилган турли ҳил мевали дарахтлардан май ойидан-декабргача жорий мавсумда 123 минг 782 тонна ёки 663 млрд. сўмлик, сабзавотлардан 246 минг 19 тонна ёки 593 млрд.сўмлик, жами 369 минг 803 тонна ёки 1 трлн. 256 млрд. 618 млн.сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиниши кутилмоқда.
Барча ҳаракатларнинг туб моҳияти энг аввало аҳолини бой қилиш, бугунидан мамнун, эртасига юксак ишонч билан яшашига кўмаклашишдан иборат.
Бундан ташқари божхона соҳасида экспортёр корхоналарга берилган имтиёзларнинг натижасида 47 млн. АҚШ доллари қийматида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, ўтган йилга нисбатан 2 баробарга кўп маҳсулотлар экспорт қилинди. Учрашувда, иштирокчилар божхона ходимларидан мазкур қарор юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга кенг ва атрофлича жавоблар олишди ҳамда ўзлари учун керак бўлган маълумотларга эга бўлишди.
Ф.Каримов
Андижон вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
14.11.2018