Мазкур Низомга мувофиқ, маиший мақсаддаги, хавфлиликнинг I-II классларига мансуб пиротехника буюмлари тайёрловчининг йўриқномаси талабларига риоя қилиш шарти билан якка тартибда фойдаланиш мақсадида фуқаролар томонидан эркин сотиб олиниши, ташилиши, сақланиши ва фойдаланилиши мумкинлиги белгиланган эди.
2021 йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 724-сон қарорга биноан, хавфлиликнинг II классига тегишли маиший пиротехника буюмларининг жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратилиши, ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, ташилиши, реализация қилиниши, сотиб олиниши, сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланди.
Мазкур клласга асосан пиротехника воситаларининг энг оммабоп турлари – петарда ва салютлар киришини инобатга олсак, мазкур қарор фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Амалдаги қонунчиликка биноан, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шунга қарамай, пиротехника воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.
Бу борада, Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг республика ҳудудига божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали ноқонуний кириб келиши ҳамда ички ҳудудларда айланишига қарши курашиш йўналишида қатор мақсадли тезкор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг 27 декабрь ҳолатига кўра, республикамиз божхоначилари томонидан йил бошидан буён аниқланган 209 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 5 млн. 732 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Масалан, Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси томонидан ҳам фош қилинган ҳолатда қиймати 500 млн. сўмлик 14 турдаги 9231 дона пиротхеника воситаларининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди. 2021 йил 25 декабрь куни аниқланган ҳолатда эса қиймати 250 млн. сўмлик 211 818 дона пиротехника воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Фарғона вилоятида божхона ходимлари томонидан Қувасой шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролардан бирининг хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган салкам 336 млн. сўмлик 12 турдаги 215 минг донадан зиёд пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Мазкур шаҳарда кузатувга олинган яна бир ҳайдовчи эса ўзи бошқарувидаги “Кобальт” автотранспорт воситасида ҳовлилардан бирига яширинишга ва машинани ташлаб қочишга уринди. Бу эса бежиз эмас экан. Сабаби, мазкур автомашинада ҳам, ушбу хонадонда ҳам қиймати салкам 227 млн. сўмлик 7 турдаги 213 806 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.
Умумий ҳисобда йил бошидан буён давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган жами пиротехника воситаларининг умумий қиймати 4 млрд. 695 млн. сўмни ташкил қилмоқда. Мазкур пиротехника воситалари суднинг тегишли қароридан сўнг белгиланган тартибда сўзсиз йўқ қилинишини инобатга олсак, демак, тадбиркорликнинг хайрли ва ҳалол йўлларига сарфлаш мумкин бўлган сўмлик маблағ шунчаки ҳавога совурулмоқда.
Аниқланган ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида, пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қўл ураётганлар орасида вояга етмаган шахслар ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, Қоралқалпоғистон Республикасида аниқланган ҳолатда 2008 йилда туғилган ўсмир 6 минг дона петардаларни сотишга уринган вақтида тўхтатиб қолинди. Бундан ташқари, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий, Хоразм вилоятларида ҳам 2004-2006 йилларда туғилган ўспиринлар пиротхеника воситаларининг ноқонуний муомаласига қўл урган.
Агар сиз пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига доир ҳолатларга дуч келсангиз, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Бунда мурожаатлар анонимлиги кафолатланишинини эслатиб ўтамиз!
Бу билан сиз байрам арафасида нафақат ўзингиз, балки, яқинларингиз, ён-атрофдагиларнинг ҳам саломатлигини, хотиржамлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз.
Янги йилни пиротехника воситаларисиз осойишталикда кутиб олайлик!
27.12.2021