Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Божхона органиларида дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби, қулайликлари, аҳамияти ва афзалликлари” мавзусида брифинг бўлиб ўтди
9133
Тошкет шаҳар божхона бошқармаси томонидан “Божхона органларида дастлабки қарорлар қабул қилиш тартиби, аҳамияти ва афзалликлари” мавзусида брифинг ташкил қилинди.
“Божхона органиларида дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби, қулайликлари, аҳамияти ва афзалликлари” мавзусида брифинг бўлиб ўтди

Брифингда мутахассис томонидан мавзу юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнида қилинаётган товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича таснифланишида қатор қулайликлар жорий этилмоқда.

Жумладан, бу борадаги қонунчилик талаблари қайта кўриб чиқилиб, божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда. Хусусан, божхона органлари томонидан товарларнинг ТИФ ТН кодларини белгилаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Божхона кодексининг 52-бобига мувофиқ, божхона органлари товарларнинг таснифланишига нисбатан Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товар божхона органига тақдим этилгунга қадар дастлабки қарор қабул қилиши мумкинлиги белгиланган.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисидаги сўровда товарларнинг тўлиқ тижорат номи, асосий техник ва тижорат тавсифлари ва бошқа таснифлаш учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилади.

Шу билан бирга, Божхона Кодекснинг 371-моддасига мувофиқ, сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан йигирма кун ичида кўриб чиқилади ва божхона органи тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида аризачини товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилади.

Товарларни таснифлаш бўйича қабул қилинган дастлабки қарорлар реестри Давлат божхона қўмитаси томонидан юритилади ва даврий равишда www.bojxona.uz расмий веб сайти орқали эълон қилиб борилади.

Бугунги кунда Ташқи иқтисодий фаолият иштироклари Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган товарларининг ТИФ ТН кодига аниқлик киритиш мақсадида божхона органларига электрон (toshkent_shahri@customs.uz, tashkent_customs@exat.uz) ёки ёзма равишда мурожаат этишлари мумкин.

Дастлабки қарор қабул қилинганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 09 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 700-сонли қарор талаби бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи миқдорда божхона йиғими ундирилади.

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор, агар у ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган бўлмаса, қабул қилинган кунидан эътиборан бир йил ичида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, дастлабки қарор ўз кучини йўқотади, бу манфаатдор шахснинг янги дастлабки қарор бериш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ўтган давр мабайнида жами 1 302 та дастлабки қарорлар қабул қилинган бўлиб, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига белгиланган муддатда жавоблар юборилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ТИФ иштирокчиларининг дастлабки қарорга эга бўлишлари афзалликлари:

Биринчидан, божхона расмийлаштируви жараёнини осонлашади, бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг вақтини сезиларли даражада тежайди.

Иккинчидан, зарур божхона тўловларини олдиндан ҳисоблаш имконини беради.

Учинчидан, импорт ёки экспорт қилинадиган товарлар лицензияланиши юзасидан ва маълум чекловлар мавжудлиги бўйича аниқ маълумотларга эга бўлади.

Яна бир муҳим афзаллиги шундаки, ТИФ ТН код тўғрисида учраётган турли хил хатоликлар олди олинади.

Ҳурматли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари!

Божхона органлари томонидан қабул қилинаётган дастлабки қарорлар имкониятидан фойдаланиш бўйича Давлат божхона қўмитаси ва унинг барча худудий бошқармаларига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз.

Мирвоҳид ҚАМБАРОВ, 
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Товарларни классификациялаш гуруҳи раҳбари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

25.12.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг