Шу муносабат билан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни божхона органлари фаолияти билан яқиндан таништириш ва тизимдаги янгиликлардан ҳабардор қилиш мақсадида “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида медиа-тур ташкил қилинди.
Мазкур тадбирда журналистлар ва блогерлар божхона органлари ходимларинининг хизмат фаолиятини айни хизмат олиб борилаётган жойдан кузатиш имконига эга бўлдилар. Унда тадбир иштирокчилари экспорт-импорт жараёнлари, уларга тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар ҳамда божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнларининг гувоҳи бўлишди.
Медиа-тур иштирокчиларига вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нурабылла Бердиев ҳамда “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Алишер Қодиров томонидан божхона пости фаолияти, экспорт-импорт жараёнлари ва постда мавжуд “Ягона дарча” хизматлари ҳам яқиндан таништирилди.
Таъкидлаш жоизки, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ташкил қилинган “Ягона дарча” хизматлари маркази эндиликда тадбиркорларга экспорт ва импорт расмийлаштируви учун зарур бўладиган рухсат берувчи ҳужжатларни битта хонадан кириб олиш имконини бермоқда. Илгари эса бу ҳужжатларни олиш учун тадбиркорлар ҳар бир ташкилот биносига боришига тўғри келарди. Мазкур ташкилотлардан олинадиган рухсат этувчи хужжатлар ҳам электрон кўринишга келтирилиб, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий қилинди. Бу эса ортиқча қоғоз ва маблағ сарфининг олдини олмоқда.
Ташкил қилинган медиа-тур давомида журналистлар ва блогерлар божхона соҳасига доир ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Маълумот учун, “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг 11 ойи давомида ташқи савдо айланмаси 224 млн. 91 минг АҚШ долларини ташкил этган. Шундан, импорт жами 66млн. 350 минг АҚШ долларини, экспорт эса жами 157 млн. 741мингАҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Постда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари:
-1745 таси ёки 21 % и яшил йўлак,
-4683 таси ёки 57% и сариқ йўлак,
-1805 таси ёки 22 %и қизил йўлак тартибида расмийлаштирилган.
“Термиз” ТИФ божхона постида амалга оширилган экспорт товарлари асосан ловия, пахта ип калаваси, мош, пиёз, кўкатлар, помидор, ун каби товарлар ҳисобланади.
Экспорт географияси эса асосан Хитой, Россия, Покистон, Афғонистон, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон Республикаси каби давлатлардир.
Хорижий мамлакатлардан импорт сифатида олиб келинаётган товарлар асосан қуйидагилар: картошка, тўқимачилик асбоб ускуналари, қишлоқ хўжалиги асбоб ускуналари, цитрус мевалар ҳисобланиб, ушбу товарлар асосан Покистон, Хитой, Россия, Туркия каби давлатлардан олиб келинган.
24.12.2021