Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоятда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар иштирок этишди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Жиззах” ТИФ божхона постида бўлишди. Бу ерда ходимлар томонидан мазкур постнинг вазифалари, унда амалга ошириладиган экспорт-импорт жараёнлари, божхона кўриги ва хизмат итлари томонидан аниқланиши мумкин бўлган божхона қонунбузилиш ҳолатлари борасида йиғилганларга батафсил тушунчалар бериб ўтилди.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, мазкур пост орқали жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида қиймати қарийб 200 млн. АҚШ долларига яқин товарлар экспорт қилинган. Экспортнинг асосий қисми калава ип, тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, шиша ва ундан ясалган буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлардир. Ушбу жараёнларда божхона пости ходимлари томонидан тадбиркорларга сифатли ва замонавий божхона хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар иштирокида вилоятдаги экспортёр корхоналардан бири “Бону ширинликлари” МЧЖга ташриф амалга оширилиб, унинг фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан таништирилди. 2009 йилда иш фаолиятини йўлга қўйган мазкур корхона жорий йилнинг шу даврига қадар қиймати 755 минг АҚШ долларига тенг товарларни Озарбайжон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон, Туркия ва Ироқ давлатларига экспорт қилган.
Шундан сўнг, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Унда 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, келгусидаги режалар ва эришилган натижалар борасида иштирокчиларга маълумотлар бериб ўтилди. Ушбу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакиллари соҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
24.12.2021