Божхона органлари томонидан ДХХ, ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида пиротехника воситалари билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатларига чек қўйилди.
Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, “Олтиариқ-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Н.Д. бошқарувидаги “ИСУЗУ” русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, мазкур автомашина юкхонасига ортилган маиший буюмлар остида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 163,1 миллион сўмлик 185 033 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда, Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан Балиқчи туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Д.С ўзига тегишли бўлган 546 дона пиротехника воситаларини “Лассети” автотранспорт воситасида сотиш мақсадида олиб кетаётган вақтида ашёвий далиллар билан тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
22.12.2021