Спорт нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга етишишда ҳам муҳим омилдир. У иродани тоблайди, аниқ мақсад сари интилишга ёрдам беради.
Зеро, божхона ходимлари саломатлигини мустаҳкамлаш, вужудини чиниқтириш ҳамда доим сергак ва жанговар шайлик ҳолатида бўлишида спорт машғулотларининг аҳамияти катта. Бу борада Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан мунтазам равишда спорт машғулотлари ўтказилиб келинади.
Шу мақсадда бугун 20 декабрь куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 26 январь Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари куни ҳамда Миллий божхона тизими ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан “Самарқанд енгил атлетика ва ўсмирлар спорт мактаби” ўйингоҳида бўлиб ўтадиган мини футбол бўйича “Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақасига старт берилди.
Тадбирни вилоят ҳокими Турдимов Эркинжон Оқбўтаевич очиб бериб, мусобақада иштирок этувчи жамоаларга муваффақият тилаган ҳолда, уларга ғалаба қозонишлари ўзининг учун ижобий тилакларини билдириб ўтди.
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақасида регламентга кўра 12 та жамоа ўзаро куч синашиши режалаштирилган. Мусобақа ўйинларида етакчиликка эришган жамоа Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбариятининг диплом, мусобақа кубоги ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Очилиш маросимидан сўнг, вилоят божхона бошқармаси ва вилоят прокуратураси жамоалари майдонга тушишди. Шиддат билан кечган ўйинда вилоят божхона бошқармаси жамоаси 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мазкур мусобақа ғолиблари жорий йилнинг 24 декабрь куни аниқланади ҳамда тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
ахборот хизмати
20.12.2021