Шундан келиб чиқиб, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг Шахсий хавфсизлик бўлими ва масъул таркибий тузилмалари томонидан юқорида санаб ўтилган ҳолатларни бошқарма ходимлари томонидан содир этилишини олдини олиш, ходимларни ватанга ва оиласига садоқатли, хизмат вазифаларини ҳалол бажаришлари юзасидан доимий тарзда тарғибот ва профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ўтказилаётган хизмат йиғилиш ва турли учрашувларда ҳамда эрталабки йўриқномаларда ходимлар ўз хизмат вазифаларини чин юракдан бажаришлари, юқори профессионаллик ва ваколатларидан четга чиқмаган ҳолда хизмат олиб бориши, ҳар хил тасодифий вазиятларда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, божхона органларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари, бошқарма ва божхона постларига фуқаролар ҳамда тадбиркорлар томонидан мурожаатлар бўлганда хушмуомалалик билан жавоб қайтариши, бу борада божхона органларини обрўсизлантириши ва имижига салбий таъсир қилувчи хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, асосийси, коррупцион ҳолатларга қўл урмасдан хизмат олиб боришлари тушунтириб келинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, коррупция жинояти мураккаб ижтимоий ҳодиса ҳисобланади ва бу жиноятга қарши курашишда алоҳида чораларни қўллаш юқори самарасини кўрсатмайди. Шунга кўра, коррупцияга қарши курашиш давлат ва кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги ва жипслигини талаб этади.
Мазкур йўналишда олиб борилаётган барча ислоҳотларда фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган мақсадларга эришиш мумкин.
Шундай экан, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз зарур бўлади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашиш мақсадида кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик учун Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08” ҳамда бошқармада ташкил қилинган (75) 221-04-80 ишонч телефон рақами доимий фаолият кўрсатаётганлиги маълум қилади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
18.12.2021