Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Натижалар сарҳисоб қилинди
9212
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти ва ходимлари иштирокида "Сурхондарё" телерадиоканали "Ҳуқуқий жамият сари" кўрсатувининг навбатдаги сонида “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди. Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров, Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев ҳамда Даромадлар ва божхона статистикаси бўлими бош инспектори Маъруф Холиёровлар иштирок этишди.
Натижалар сарҳисоб қилинди

Кўрсатув давомида вилоят божхона бошқармасининг 2021 йилги сарҳисоби ва жамоатчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Кўрсатувда Қ.Умаровнинг маълум қилишича, жорий йилнинг шу кунига қадар  вилоят ташқи савдо айланмаси 394 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йил шу даврига нисбатан 3,7 млн. АҚШ долларига кўпайган.

Экспорт қилинган товарлар улуши 204 млн. АҚШ долларни, импорт қилинган товарлар улуши эса 200 млн. АҚШ долларни ташкил қилган.

Шунингдек, товарлар 24 та  давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Хитой, Покистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон ва Туркия ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар:  мева-сабзавот маҳсулотлари, калава ип, пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва металл буюмлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган  қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортёрлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида, вилоят божхона бошқармаси томонидан 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 381  млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Шунингдек, А.Юлдашев ўз маърузасида  бошқарма томонидан 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз юритди. Унга кўра,  2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 433 та божхона қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 3 млрд. 401,3 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар далил ашё сифатида олинди.

Шундан, 74 та ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Шунингдек, контрабанда ашёларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида,

-159,5 кг. гиёҳвандлик воситалари, 260 туп гиёҳванд ўсимлиги,

-1258 дона таркибида гиёҳванд моддалар бўлган таблеткалар, 690 дона психотроп таблеткалар,

-65,43 гр. порох, 8 дона жанговар ҳолатдаги патронларнинг чегараларимиз орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига чек қўйилди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан чегара божхона постларига ўрнатилган замонавий сканер аппаратлари салоҳиятидан унумли фойдаланиб келинмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 6 та ҳолатда 3,5 кг.га яқин гиёҳвандлик воситаларини инсон танасига ютган ҳолатда олиб ўтилиши ва 1 та ҳолатда 90,8 кг. гиёҳвандлик воситаси автотранспорт воситасининг яширин хуфя қисмига жойлаштириб олиб ўтилишини олди олинди.

Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 80 703 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилгани ҳақида ҳам маълум қилинди.

Бундан ташқари, М.Холиёров  томонидан қонунчиликдаги янгиликлар ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, шундай янгиликлардан бири, аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш  мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2021 йил 9 декабрдаги ПФ-33-сонли Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонга мувофиқ, цемент ва энергия тежамкор базалт қопламаларни  олиб киришда 2023 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинди. Мазкур  Фармоннинг 4-иловасига мувофиқ янги қурилиш ва махсус техниклар (самосвал, автокран, автобетонасос, экскаватор ва ҳ.к )  2024 йил 1 январига қадар импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилинганлиги кенг жамоатчиликка етказилди.

Кўрсатув якунида  фуқароларимизнинг божхона соҳасига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала ва мурожаатлари юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 76-225-24-51 рақамли ишонч телфонларига куну-тун телефон қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

 

17.12.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг