Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Криптожиноятчиликка қарши курашни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
1732
Бугунги кунда замонавий технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал кириб келмоқда. Хусусан, молиявий хизматлар соҳасида ушбу жараён айниқса яққол кўзга ташланяпти. Онлайн тўловлар, электрон пуллар, мобиль тўлов тизимлари билан бир қаторда крипто-активлар соҳаси ҳам кенгайиб бормоқда.
“Криптожиноятчиликка қарши курашни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият Президентимизнинг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-3832-сонли ҳамда 2018 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3926-сонли  қарорлари билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб келинмоқда.

Аммо, ўз навбатида крипто-активлар айланмаси соҳасида иқтисодий жиноятларни содир этилаётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фаолиятида нафақат мазкур жиноятларни аниқлаш, фош қилиш ва уларни малакалаш соҳасида, балки ушбу йўналишда криптовалюта ва уларнинг турлари, уларни ишлаб чиқариш, фойдаланиш,  криптовалюта билан боғлиқ ҳаракатларни ҳуқуқий баҳолашга доир ҳар томонлама муаммоларни юзага чиқармоқда.

Мазкур соҳадаги тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, бу борада институт курсантлари ва тингловчиларининг билимларини янада ошириш мақсадида, 2021 йил 15 декабрь куни Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси билан ҳамкорликда “Криптожиноятчиликка қарши курашни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Давлат Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Академияси ва Бош прокуратура Академиясининг малакали профессор-ўқитувчилари ва институтнинг “Юриспруденция” йўналишидаги курсантлари иштирок этишди. Тадбирни Божхона институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги Ж.Қодиров томонидан очиб берилгандан сўнг, Давлат хавфсизлик хизмати Академияси ходими Н.Жалилов томонидан “Ўзбекистон Республикасида крипто – активларга оид ижтимоий муносабатларни  жиноий-ҳуқуқий тартибга солишнинг муаммолари”, Божхона институтининг “Махсус-ҳуқуқий фанлар” кафедраси бошлиғи С.Шомирзаев томонидан “Криптовалюталар ноқонуний муомаласи билан боғлиқ хавф-хатар ва таҳдидлар ҳамда уларнинг олдини олиш масалалари” ҳамда ДБҚнинг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси А.Ахлимирзаев томонидан “Криптожиноятчиликка қарши курашда божхона органлари амалиёти: мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” каби мавзуларда маъруза қилинди.

Давра суҳбатида Бош прокуратура Академияси ходими У.Аминов ҳамда  Давлат Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси масъул ходими Ф.Алламбергановларнинг тадбирнинг музокара қисмида билдирган мулоҳазалари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга ўтказилган музокараларда соҳада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, таклиф ва тавсиялар ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

 

 

 

17.12.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг